Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг Марракешда (Марокаш) бўлиб ўтаётган йиллик йиғилишлари доирасида Жаҳон банки вакиллари билан битим имзоланди
2023-10-16 09:50:00 / Янгиликлар

Ушбу маблағлар “Ўзбекистон энергетика секторини трансформация қилиш учун инновацион углеродли молиялаштириш” (iCRAFT) лойиҳасини амалга ошириш учун ишлатилади. Лойиҳа тоза энергия ишлаб чиқаришга ва энергия самарадорлигини оширишга кўмак беради.
Жаҳон банкининг Углерод активларини трансформация қилиш жамғармаси (TCAF) томонидан молиялаштирилган iCRAFT лойиҳаси банкнинг энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи глобал ташаббуси бўлиб, маълум бир соҳадаги аниқ натижалар учун тўловлар орқали иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришни рағбатлантиради. Лойиҳа Ўзбекистонга иқлим ўзгариши соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишда ёрдам беради. iCRAFT келажакда дунёнинг турли минтақаларида амалга оширилаётган шунга ўхшаш лойиҳалар учун намуна бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон нисбий энергия сарфи энг юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Бу амалиёт натижасида электр ва газ учун тарифлар паст. Шу тариқа, энергия корхоналари томонидан етказиб бериладиган хизматлардан олинадиган даромадлар тегишли энергия турларини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш харажатларини қоплаш учун етарли эмас.
Ўз навбатида, арзон тарифлар энергияни тежаш ҳамда уй хўжаликлари ва хусусий секторда энергия тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватламайди. Шунингдек, улар энергия корхоналарининг фойдаланувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини чекламоқда. Ҳукумат эса, ўз навбатида, энергияни ишлаб чиқариш харажатларига мослаштириш мақсадида энергия тарифларининг босқичма-босқич кўтарилишига олиб келадиган ислоҳотларни бошлади.
iCRAFT лойиҳаси доирасида тақдим этилган маблағларнинг бир қисми кам таъминланган оилаларни тарифларнинг кўтарилишидан ҳимоя қилиш учун сарфланади. Жумладан, лойиҳа “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича давлат дастурини ва энергетика соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.
Хусусан, лойиҳа доирасида 2027 йилгача мамлакатдан углерод чиқиндиларини сотиб олиш режалаштирилган, энергия ресурсларидан янада самарали фойдаланиш орқали уларнинг камайишига эришиш кўзда тутилган.
Лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонга “углерод кредитлари” деб юритиладиган савдо бўйича халқаро пилот битими орқали халқаро углерод бозорларига киришга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишини тезлаштиради.
Жаҳон банки ва TCAF ривожланаётган мамлакатларни иссиқхона газлари эмиссияларини камайтириш ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришда қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонда ушбу лойиҳани амалга ошириши Жаҳон банкига аъзо бўлган бошқа манфаатдор давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилади. Канада, Германия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия ҳукуматлари, шунингдек, “Climate Cent Foundation” (Швейцария) жамғармаси TCAF фаолиятига молиявий кўмак берди.
