“Замонавий аёл қиёфаси: миллийлик ва қадриятлар уйғунлиги”
2024-12-25 09:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова маъруза билан иштирок этди. Таъкидланганидек, кийиниш маданияти инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини, бир сўз билан айтганда, унинг кимлигини намоён қилади.
Миллий либослар нафақат миллат кўркини, балки маънавий мафкураларни ва халқларнинг дунё тамаддунида тутган ўрнини ҳам ўзида намоён этади. Ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ ҳолда, у миллий ўзига хосликни акс эттиради.
Бугунги кунда ушбу узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни сақлаб қолиш, уларни тарғиб этиш эзгу ҳаракатларимиздан бўлиб қолмоқда.
Оилаларда миллий анъаналаримизга ҳурмат муҳитини яратиш, ёшларимизда ўзлиги, миллий қадриятлари, миллий либосларига нисбатан ғурур ва ифтихор туйғусини юксалтиришда аёлларимиз - келажак тарбиячиларининг ўрни беқиёс.
Шу билан бирга, шу соҳанинг ривожига ҳисса қўшиб келаётган соҳа мутахассисларининг, етук дизайнерларнинг ҳам хизматлари каттадир.
Жойларда ёшлар ўртасида миллий кийиниш маданиятини тарғиб қилиш, ёшларда миллий, ўзбекона либосларга меҳр уйғотиш ва оммалаштириш, хотин-қизларнинг турли жой ва саналар муносабати билан кийиладиган кийиниш услубини янада такомиллаштириш, улар ўртасида миллий ва замонавий, менталитетимизга мос кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилиш мақсадида «Нафосат» танлови ўтказилиб, ушбу танловда ғолибликни қўлган киритган либослар бўйича мутахассислар бугунги тадбирда тақдирланди.
Миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, қизларимиз қалбига миллий либослар ифтихорини сингдириш, эзгу урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат ва садоқат, миллий либосларнинг гўзаллиги ва жозибасини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида жойларда ўтказилган бу каби тадбирларда фаол иштирокни миллий қадриятларга нисбатан улуғ муҳаббат тимсоли сифатида қабул қилиш мумкин.
Анжуманда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори A.Mirzoraximov, Бадиий Академия раиси Акмал Нуриддинов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори маслаҳатчиси – F.Qodirova, соҳанинг қатор йирик вакиллари маъруза билан иштрок этди.
Анжуман якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистонда либос дизайни, кийиниш маданияти тарғиботи каби йўналишларда катта истеъдод соҳибаларини кўпроқ кашф этиш; Ёш қизлар ўртасида либос дизайни, косметология соҳаларида катта мутахассислар тайёрлашни янги босқичга кўтариш. Улар бугунги каби тадбирларимизнинг янгича, креатив қарашларини юзага чиқаришда, Ўзбекистон аёлларининг чеҳрасини, имиджини дунёга кўрсатишда, ўзбекона либосларимиз жозибасини жаҳонга намойиш этишда фаол, етакчи бўлишлари лозимлиги; миллий мода саноатини ривожлантириш, ўзбек миллий либосларининг ҳудудлар бўйича тўпламларини яратиш; миллий мода саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш; халқаро дизайн марказлари билан алоқалар ўрнатиш, дизайнерлик ишланмалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш; мода ҳафталиклари, вилоятларда мода намойишлари, кўргазмалари ва фестивалларини ўтказиш кабилар.

