Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.
2024-12-20 09:20:00 / Янгиликлар
Бош вазир ўринбосарининг маърузасида жуда кўп муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Туманлар ва шаҳарларда салоҳиятли хотин-қизларни раҳбарлик лавозими заҳирасига тавсия этиш; айниқса, иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, хизмат кўрсатиш коммунал соҳаларда раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини ошириш; иқтидорли хотин-қизларни босқичма-босқич истеъдодларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада амалга ошириш лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан,
- Сайхунобод тажрибаси бўйича ишсиз хотин-қизларни асаларичилик, паррандачилик, иссиқхона, балиқчилик ва бошқа йўналишларда касб-ҳунарга ўқитиш;
- лидер тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириб, даромад топишга ўргатиш;- хотин-қизларнинг бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиш орқали янги иш ўринларини яратиш;
- хонадонларда кичик ишлаб чиқариш цехларини (мева, сабзавотлар, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, мато тўқиш, тикиш ва бошқа) ташкил этиш;
- миграциядан қайтган хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш;
- ўрмон хўжаликлари билан дарахт, гул кўчатлари етиштириш бўйича хотин-қизларни даромад топишга ўргатиш;
- боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга ижтимоий кўмак кўрсатиб бориш ишларини тизимли давом эттириш;
- маҳаллаларда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари”ни ташкил этиш.
Шунингдек, секторлар раҳбарлари, тумандаги масъул ташкилотлар – “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш; Аёллар дафтарига киритилган ҳар бир аёлни доимий даромад топишга ўргатиш; Хотин-қизларга жарроҳлик операциялари ва даволанишларига маблағларни ўз вақтида йўналтириш, уй-жой таъмири ва уй билан таъминлаш тизимини мустаҳкамлаб олиш бўйича ҳам зарур вазифалар таъкидлаб ўтилди.
Фаол мулоқот ҳамда савол-жавоб руҳида ўтган дарс жараёнида жойларда тазйиқ ва зўравонликка учрашга мойиллиги бўлган оилаларни аниқлаш, жабрлангунга қадар улар билан профилактика ишларини тизимли ташкил этиш; хотин-қизлар жиноятини кескин қисқартириш бўйича “Ижтимоий профилактика – ҳуқуқий тарғибот – ижтимоий мослаштириш” иш услубларини фаолиятга кенг татбиқ этиш; жабрланган хотин-қизлар билан ижтимоий реабилитация ишларини олиб бориш; оилавий қадриятларни сақлаб қолиш, оилалар фарвонлигини ошириш орқали ажримларнинг олдини олиш масалаларига ҳам кенг тўхталинди.