Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошида Жамоатчилик кенгаши иш бошлади
2024-12-18 09:05:00 / Янгиликлар
Тадбирда жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш, эзгу ғоялар ташвиқотини кучайтириш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида илмий соҳа, адабиёт, санъат, маънавият, маданият ва вакиллари фаолларидан таркиб топган Жамоатчилик кенгаши ташкил қилингани эълон қилинди.
Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова таъкидлаганидек: “Мазкур жамоатчилик кенгаши мавжуд ижтимоий, маънавий-маърифий вазият тақозо этаётган объектив зарурат ҳисобланади ва ўз олдига қатор эзгу мақсад ва вазифаларни қўйган.Зеро, глобаллашув даврида “жаҳолатга қарши фақат маърифат” ва кучли ғоялар воситасида курашиб, олға бориш мумкин. Зеро, мафкураси, маънавияти, миллий ғояси қудратли бўлган халқ тараққий этади.
Бугун оила ва аёл маънавияти, ёш қизлар тарбияси, хотин-қизларнинг салоҳияти ва маърифатини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш борасида янгича ёндашувлар зарур.
Давлатимиз Раҳбари айтганларидек: “Хотин-қизлар ва оила масаласи-бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир...”Тадбир жараёнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими шоира ва адиба Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан такрор-такрор эътироф этилганидек, маърифатли жамиятга маърифатли, китоб ўқишни ўз ҳаётий аъмолига айлантирган аёллар билан эришилади. Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, улар келажак авлодни тарбиялайдилар. Шу боис ҳам бугун юртимизда хотин-қизларнинг илм-маърифатли бўлиши ва барча соҳаларда ўзини кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Тадбирда “Ўзбекистон Қаҳрамони”, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос олим Нурбой Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шарифа Салимова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг маслаҳатчиси, Жамоатчилик кенгаши раиси - Дилбар Ғуломова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Минхожиддин Мирзо ва Фарида Бўтаева (Фарида Афрўз), жамоатчилик кенгаши аъзолари, Қўмита масъул ходимлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъул ходимлари “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, олималар, ижодкорлар, қатор вазирликлар ва уларнинг тизим ходимлари, Олий таълим муассасаларининг хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раислари иштирок этдилар. Шунингдек, барча ҳудудлардан ZООМ платформаси орқали маърифатпарвар аёллар иштирок этишди.