Мойли экинлар – қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи
2023-10-04 10:25:00 / Янгиликлар

Мойли экинлар уруғчилигини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича республика кўргазмали семинари қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарияти ва мутасаддиларини, бутун республикадан мойли экинлар экишга ихтисослашган хўжаликлар вакилларини, шу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган олимлар ҳамда мутахассисларни жамлади.
Тадбирда қатнашган Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мойли экинлар экиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг аҳамияти хусусида тўхталди. Бу борада мойли экинлар уруғчилигини ривожлантириш бирламчи устуворликка эга эканлигини таъкидлади.
Семинарда кунгабоқар, соя, махсар каби мойли экинларнинг қишлоқ хўжалиги экини сифатида экилиши мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилибгина қолмай, фермернинг ўзига яхшигина фойда келтириши ҳам исботлаб берилди. Чунончи, такрорий экин сифатида экиладиган кунгабоқарнинг иқтисодий самарадорлиги аниқ-равшан ҳисоб-китоблар орқали намойиш этилди: такрорий экин сифатида экилган кунгабоқардан гектарига 12 млн сўм соф фойда олинади. Бу эса, яхшигина қўшимча даромад манбаси деганидир.
Шунингдек, бугунги кунда кунгабоқарнинг энг самарали навлари деб эътироф этилаётган «Pioner» ва «Aley» навларининг характеристикалари семинар қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. «Pioner» нави АҚШ ва Украина олимлари томонидан селекция қилинган бўлиб, касалликларга, сув тақчиллигига чидамлилиги ва серҳосиллиги билан ажралиб туради. Эртапишар навлар гектарига 2-3 тонна, ўртапишар турлари – 3-4 тонна, кечпишар нави эса 5-6 тоннагача ҳосил беради. У айниқса чўл шароитига жуда яхши мослашган.
«Aley» кунгабоқарлари Россия олимлари томонидан ишлаб чиқилган, касалликларга чидамли, ҳар қандай иқлим шароитида ҳам юқори ҳосил беради. Унинг 90 кунда пишиб етилиши, таркибида ёғ миқдори 54-56% ни ташкил қилиши диққатга сазовор.
Семинар қатнашчилари кунгабоқар уруғлари, уни парваришлаш агротехникаси, бу борада жиззахлик миришкорлар эришган ютуқлар билан атрофлича танишдилар.

