Халқаро анжуман
2023-09-21 10:35:00 / Янгиликлар

Тадбирни Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёдаги таълим бўйича глобал амалиёт раҳбари Рита Алмейда очиб берди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларида кўплаб ислоҳотлар қаторида олий таълим соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлгани, бугунга келиб, бу янгиланиш олий таълимнинг динамик ўсишидан далолат экани таъкидланди.
Кейинги ўн йилликда олий ўқув юртлари ва талабалар сони салмоқли даражада ошди. Бугунги кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда 1,8 миллионга яқин талабаларга таълим хизматларини кўрсатувчи 430 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари босқичма-босқич илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, технологияларни трансфер қилиш ҳамда хусусий олий ўқув юртларининг фаолияти учун шароит яратиш орқали миллий олий таълим тизимларини бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқлаштирди.
Ҳозирги вақтда минтақа таълим жараёнларини интернационаллаштириш стратегиясига амал қилмоқда.


