Сурхондарёда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг очилиш маросими бўлиб ўтди
2024-10-24 16:25:00 / Янгиликлар
Ярмарканинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари ҳамда ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Афғонистон давлатидан ташриф буюрган делегация аъзолари қатнашишди.
Икки кун давом этадиган тадбирдан кўзланган мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини ўрганиб чиқиш, келгусида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва иш кўламини кенгайтириш учун буюртмалар портфелини шакллантиришдан иборат.
Маълумот учун, мазкур саноат ярмаркасида 200 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ҳамда республикамизнинг 5 та тармоқ корхоналари ўзларининг ишлаб чиқараётган 500 турдаги саноат маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.