Ўзбекистон ва Корея ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишларини белгилаб олди
2023-09-07 17:05:56 / Янгиликлар

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Чху Кюнг Хо ҳамраислик қилди.
Суҳбат чоғида кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларининг ўсишида ва Корея инвестицияларини жалб қилишда барқарор ижобий тенденция кузатилаётгани қайд этилди. Хусусан, 2023 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Кореяга экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўпайди, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 7 миллиард доллардан ошди. Томонлар савдо-иқтисодий, молиявий-техник ҳамкорликни, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашда муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўришга қатъий содиқликларини билдирдилар.
Молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, EDCF Жамғармаси билан биргаликда амалга оширилаётган Фармацевтика ва Тиббиёт кластерларини яратиш каби лойиҳаларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Тегишли қўшма «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Бундан ташқари, Кореянинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда олиб борилган ишлар самарадорлиги қайд этилди. Агентлик кўмагида Ўзбекистонда умумий қиймати 141 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилган ва ўзбекистонлик мутахассислар учун Кореяда 2 мингдан ортиқ малака ошириш курслари ташкил этилган.
Томонлар кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.




