Аграр таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-10-29 10:00:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги таълими, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, мавжуд тажрибаларни кенгайтириш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги аграр таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири бўлган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети (International Agriculture University – IAU) фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, 2022-йил июнь ойида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлса, ўша йилнинг сентабр ойида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда университетда таълим инглиз тилида, Британия таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда. RAU томонидан IAU таълим дастурларининг тасдиқланиши эса талабаларга халқаро талабларга мос билим олиш ва нуфузли хорижий университет дипломи соҳиби бўлиш имконини бермоқда.
Учрашувда шу кунга қадар амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва ҳамкорликнинг амалий самаралари эътироф этилди. Томонлар университет фаолиятини янада ривожлантириш, таълим сифатини таъминлаш, профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар ҳамда академик тажриба алмашинувини кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон томони ушбу ҳамкорликни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати – жорий ҳафтада Халқаро қишлоқ хўжалиги университети битирувчиларига Қироллик қишлоқ хўжалиги университети дипломларини топшириш маросими бўлиб ўтишидир. Профессор Питер Маккафферининг Тошкентга ташрифи айнан ушбу муҳим воқеа билан ҳам боғлиқ.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида аграр таълим соҳасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга ошириш борасида келишиб олдилар.

