Германия билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-10-19 11:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда вилоятда компания билан бошланган амалий ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни аниқ механизмлар асосида амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Компаниянинг таълим ва технологиялар соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда ёшларни хорижий тилларга ўқитиш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқувчилар алмашинуви дастурларини ташкил этиш, иқтидорли ёшлар учун стипендия ва мукофотлар жорий қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ташаббуслари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг чет тилларини ўрганиши, замонавий касбларни эгаллаши ва халқаро тажриба орттириши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ҳамкорликни аниқ вазифалар ва босқичларни қамраб олган “йўл харитаси” асосида ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида устувор йўналишлар белиланиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, “Prosica GmbH” - таълим ва технологиялар соҳасида фаолият юритувчи ташкилот – касбий тайёргарлик дастурлари, амалий илмий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ҳамда халқаро инсон ресурслари ривожланиши йўналишларида хизмат кўрсатади. Шунингдек, IT ва сунъий интеллект лойиҳаларини амалга билан ҳам шуғулланади.
