Фарғона тиббиётига илғор тажрибалар жалб этилади
2026-10-12 11:35:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли учун янги имкониятлар яратиш халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада Саудия Арабистонининг етакчи тиббиёт компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш Фарғона вилояти учун ҳам истиқболли аҳамиятга эга.
Саудия Арабистони Подшоҳлигига амалий ташрифи доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ар-Риёд шаҳрида “Dallah Healthcare” компанияси раиси Ториқ Ал-Қассобий билан учрашди.
Мулоқот давомида вилоят делегацияси компаниянинг фаолияти, тиббиёт соҳасидаги ютуқлари, замонавий шифохоналарни ташкил этиш ва бошқариш борасидаги тажрибаси билан таништирилди.
1987 йилда ташкил этилган “Dallah Healthcare” Саудия Арабистонининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик хусусий компанияларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда унинг замонавий шифохоналари ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида йилига 3,7 миллиондан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Компания нафақат тиббиёт муассасаларини қуриш ва бошқариш, балки илғор диагностика ва даволаш технологияларини амалиётга татбиқ этиш, телемедицина ҳамда рақамли соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш борасида ҳам катта тажриба тўплаган.
Учрашувда ушбу тажрибалардан Фарғона вилоятида фойдаланиш имкониятлари, хусусан, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий тиббиёт марказларини ташкил этиш ва соҳада инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, юқори технологик тиббий ечимларни жорий этиш ҳамда хусусий тиббиёт имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишилди.


