Сурхондарё ва Wanlin Group ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди
2026-10-06 14:25:00 / Янгиликлар

Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатлари икки давлат Раҳбарларининг самимий ва дўстлик алоқалари туфайли ривожланиб, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилаётгани таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, Хитой компанияларининг Сурхондарё вилоятидаги инвестиция лойиҳалари нафақат ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, балки ишлаб чиқариш, логистика ва экспорт занжирларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашувда «Wanlin Group Limited» компаниясининг вилоятда амалга оширишни режалаштираётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, Термиз туманидаги Наврўз маҳалласи ҳудудида 20 гектар майдонда замонавий сув усти маданий-туристик мажмуаси — аквапарк барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, логистика, совутиш инфратузилмаси ва трансчегаравий савдони ривожлантириш бўйича кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва «Wanlin Group Limited» ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битим имзоланди.
Келишув доирасида Хитой компанияси томонидан Сурхондарё вилоятида 20 минг гектар майдонда замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш, юқори ҳосилдор нав ва элита уруғлар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, «Ҳалол» стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика индустриал паркини ташкил этиш, замонавий совутиш ва сақлаш инфратузилмасини шакллантириш, трансчегаравий савдони ривожлантириш ҳамда сув усти маданий-туристик комплекси — аквапарк барпо этиш каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

