Бухорода пахта кластери ривожлантирилади
2026-09-30 13:15:00 / Янгиликлар

Қайд этиш жоиз, вилоятда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хорижий компаниялар билан эришилган келишувларни амалий натижага айлантириш мақсадида 2025 йилнинг 12–19 июнь кунлари вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари ташкил этилган эди.
Ташриф давомида Хитойнинг қатор шаҳарлари раҳбарияти, тегишли идоралар ва йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Жумладан, делегация ташрифи доирасида «Lihua Group» компанияси фаолияти билан яқиндан танишилиб, тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди.
Келишувга мувофиқ, Шофиркон туманидан 20 минг гектар, Ромитан туманидан 9 минг гектар чўл ерларини ўзлаштириш орқали пахта саноатининг тўлиқ занжирини қамраб олувчи йирик кластер ташкил этиш режалаштирилган.
Айни пайтда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда «Жемчужина Ромитан» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Ҳозирга қадар «Қоқиштувон» ҳудуди «Эрнафас Хўжаев» массивида жами 2 минг гектар ер майдони ўзлаштирилди ва унинг 300 гектарига пахта экилди.
Шу билан бирга, йил якунига қадар ўзлаштирилган ер майдонларини 5 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Келгуси йилда эса ўзлаштирилган барча ер майдонларида пахта экиш ишларини тўлиқ йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирда Шинжон технологиялари асосида, жумладан, плёнка остида замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича тажрибалар ўтказилмоқда.
Учрашувда белгиланган вазифаларнинг ижроси, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва лойиҳани кейинги босқичларга олиб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу борада масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

