Турк инвесторлари иштирокида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади
2026-09-22 09:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда тиббиёт, рақамлаштириш, логистика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва замонавий боғлар ташкил этиш каби йўналишларда истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
Хусусан, Фарғонада аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида диализ маркази ташкил этиш, йирик логистика ва транспорт мажмуасини барпо этиш, меваларни қайта ишлаш лойиҳаларини йўлга қўйиш режалари, бу борадаги ишларнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берилди.
Мулоқотда қандли диабет ва кўз касалликларининг олдини олиш ҳамда даволаш, тиббиёт тармоқларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, рақамлаштиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Делегация таркибидаги Туркия, шунингдек, АҚШ, Франция ва Россия каби давлатларда фаолият юритаётган тажрибали турк мутахассисларининг иштироки лойиҳаларни муваффақиятли бўлишини таъминлашдаги муҳим омил сифатида қайд этилди.
Вилоят ҳокими ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларни тезроқ амалга ошириш зарурлигини ва белгиланган тартибда яқиндан кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади. Учрашув якунида ҳамкорликдаги чора-тадбирлар келишиб олинди.

