Фарғона вилояти ва SeoulTech университети ўртасидаги ҳамкорлик ҳудуд ривожига хизмат қилади
2026-09-09 11:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров университет президенти Ким Донг Хван билан учрашди. Мулоқотда Фарғона вилояти ва SeoulTech ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини самарали амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Университет президенти Ким Донг Хван таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки ҳудуднинг ривожига хизмат қилишини таъкидлаб, Фарғона вилояти билан бу йўналишда йўлга қўйилган алоқалар келгусида муҳим натижалар беришига ишонч билдирди.
Шунингдек, жорий йил июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи унда катта таассурот қолдирганини қайд этди.
Учрашувда SeoulTech университетининг таълим ва илмий-тадқиқот соҳасидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, университет аниқ фанлар, замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари йўналишларида Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири экани таъкидланди.
Йирик компаниялар билан ҳамкорликда замонавий лабораториялар ташкил этилгани, уларда талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бундай ҳамкорлик талабаларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва келгусида уларнинг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилаётгани таъкидланди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров нуфузли университет билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Айниқса, замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва IT йўналишларида SeoulTech тажрибасини Фарғона вилояти олий таълим муассасалари билан кенг татбиқ этиш, ёшларнинг илғор билим ва амалий кўникмаларни эгаллаши учун янги имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
SeoulTech — Жанубий Кореянинг муҳандислик, ахборот технологиялари ва технологик таълим йўналишларига ихтисослашган давлат университетларидан бири. 115 йиллик тарихга эга олий таълим муассасасида бугунги кунда қарийб 14 минг нафар талаба, жумладан, 2 мингдан зиёд хорижлик ёшлар таҳсил олмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан 29 нафар талаба бор.
Фарғона вилояти ва SeoulTech ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда SeoulTech ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган. Шунингдек, Фарғона давлат техника университети ва SeoulTech ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича меморандум мавжуд.
Учрашувда мазкур келишувлар доирасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, замонавий муҳандислик, IT ва технологик йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, сунъий интеллект, Ай-Ти ва бошқа йўналишларда ҳам алоқаларни фаоллаштиришга келишилди.


