Тошкентда йирик халқаро форум ўтказилмоқда
2024-09-05 12:00:00 / Янгиликлар
Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш, логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманда 30 дан ортиқ давлатдан вакиллар, халқаро молия ташкилотлари, илмий доиралар, хорижий экспертлар ва хусусий сектор раҳбарлари қатнашмоқда.
Бугун мазкур форумнинг очилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, ФАО бош директори Цюй Дунъюй, БМТнинг энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Олий вакили Рабаб Фатима, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский сўзга чиқди.
Бош вазир ўз нутқида мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам самарали ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг натижасида ички ишлаб чиқариш ҳисобига аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлиги таъминланаётгани, агрологистика ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, озиқ-овқатни кўпайтириш, қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш мақсадида сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, қўшимча 5 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда. Экин майдонларининг 30 фоизига тежамкор технологиялар жорий этилди ва сув сарфи 30-35 фоизга камайиб, ҳосилдорлик 35-40 фоизга ошди. Охирги олти йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторига халқаро молия институтларидан 2,5 миллиард доллар инвестиция ва грант маблағлари жалб этилди ва қарийб 51 минг нафар янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг минтақавий ваколатхонаси ташки этилди.
Соҳани замонавий билимларга эга, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Буюк Британия билан ҳамкорликда Тошкентда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ҳамда Уммон Султонлиги иштирокида Фарғонада Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти фаолияти йўлга қўйилди.
Мева-сабзавот, ғалла, гўшт ва сут етиштириш 2017 йилга нисбатан 1,5 баробар ошди. Қўшилган қийматни ошириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва агрологистика бўйича янги қувватлар ишга туширилди. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми 2 миллиард долларга етиб, 2017 йилга нисбатан 2 баробар ошди.
Энг асосийси, қишлоқ ҳудудларида яшаётган аҳолини даромади ошиб, турмуш тарзи яхшиланмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар натижасини халқаро индексларда ҳам кўриш мумкин. Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси бўйича баҳолаш рейтингида Ўзбекистон 12 поғонага кўтарилди. Шунингдек, 2023 йил учун эълон қилинган Глобал очлик индексида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини яхшилаб, 125 та мамлакат ичида 21 ўринни эгаллади.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси амалга оширилаётгани, мазкур даврга келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробарга кўпайтириш, экспорт ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта ошириш кўзда тутилаётгани қайд этилди.