Оила ва хотин-қизлар билан ишлашнинг устувор вазифалари белгилаб олинди
2026-08-07 09:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова, Касаба уюшмалари Федерацияси, пойтахт мутасаддилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
Мулоқотда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш ва оғир ҳаётий вазиятга тушган аёлларга манзилли кўмак кўрсатиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган 5 та устувор йўналиш асосида республика бўйича 1 137 та маҳаллада 2,3 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан хонадонбай мулоқот ўтказилди.
“Хотин-қизлар баланси” маълумотлар базасини соғлиқни сақлаш, таълим ва статистика тизимлари билан интеграция қилиш ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлларни барвақт аниқлаш таклиф этилди.
Бола парвариши таътилидан қайтаётган аёлларни қайта тайёрлаш, ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаш ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан электрон платформа орқали ўқув курсларига йўлланма бериш тизимини жорий этиш илгари сурилди.
“Зулфияхоним издошлари” форумини ташкил этиш, олима аёллар иштирокида маърифий лойиҳаларни кенгайтириш ва қизларни спортга кенг жалб этиш ташаббуслари билдирилди.
Мулоқот якунида Сенат Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, оила ва хотин-қизлар масаласи жамият барқарорлигини белгиловчи стратегик вазифа эканини таъкидлади. Ажримларнинг олдини олиш, меҳнат миграциясидан қайтган аёлларни жамиятга қайта интеграция қилиш ва Тошкент шаҳри тажрибасини бошқа ҳудудлар учун намунага айлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.


