Бухорода тизим ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-08-03 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашув тизимнинг қуйи бўғинидаги реал вазиятни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларнинг илдизини аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Бош вазир ўринбосари ҳар бир ходимнинг лавозим вазифаларидан келиб чиқиб, кундалик фаолиятда учраётган масалалар, маҳаллаларда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш жараёнидаги амалий қийинчиликлар, шунингдек, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари билан қизиқди.
Таъкидланганидек, хотин-қизлар баланси статистик маълумотлар жамланмаси бўлиб қолмаслиги, аксинча, ҳар бир маҳалладаги хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати, бандлиги, эҳтиёжи, мавжуд муаммолари ва имкониятларини аниқ кўрсатиб берадиган амалий бошқарув воситасига айланиши муҳим.
Бундай ёндашув муаммоларни эрта аниқлаш, олдиндан баҳолаш ва манзилли чораларни белгилаш имконини беради.
“Ҳар бир ходим ўз лавозим масъулиятини чуқур ҳис қилиб, муаммога юзаки эмас, унинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилган ҳолда ёндашсагина, тизимда ҳақиқий натижа ва ўзгариш бўлади” Дилнозахон Каттахонова
Мулоқот якунида билдирилган илғор таклиф ва ташаббусларни амалиётга изчил жорий этиш, кўтарилган масалаларга манзилли ечим топиш ҳамда Бухоро вилоятида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар ижросини юқори савияда таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.


