Термиз халқаро савдо маркази очилди
2024-08-29 14:30:00 / Янгиликлар
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғиз Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Қайд этилганидек,қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида “Термиз халқаро савдо маркази” барпо этилди.
Мазкур Марказ минтақамизда савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, Марказда Афғонистон фуқароларига савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
Рамзий тасма кесилиб, Марказ расман очилганидан сўнг, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон Қирғизистон ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакиллари “Термиз халқаро савдо маркази” фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Бош вазири Термиз шаҳрида Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар ҳамда Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.