Хитойлик инвесторлар билан пахта саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-07-24 11:25:00 / Янгиликлар

Ушбу учрашув доирасида 2025 йил 12-19 июнь кунлари вилоят ҳокими бошчилигида Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафари ҳам муҳокама қилинди.
Сафар давомида делегация Хитойнинг бир қатор шаҳарлари ва йирик компаниялари раҳбариятлари билан учрашувлар ўтказди ҳамда “Lihua Group” билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувга эришилди. Бу келишув асосида Шофиркон ва Ромитан туманларида жами 29 минг гектар чўл ерларини ўзлаштириш орқали пахта саноатини ривожлантириш учун йирик кластер ташкил этилиши режалаштирилган.
Ҳозирда хитойлик инвесторлар томонидан “Jemchujina Romitan” МЧЖ ташкил этилиб, “Varaxsha” чўли ҳудудида ерларни фойдаланишга киритиш ишлари фаол давом этмоқда. Жорий йил ушбу ҳудудда Хитойда ишлаб чиқилган пахта нави экилди ва Шинжон технологияси асосида илғор плёнка ости усуллари синовдан ўтказилмоқда.
Учрашувда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.

