Франциянинг “Orano” компанияси директорлар кенгаши раиси билан учрашув
2026-07-14 15:55:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасида изчил ривожланиб бораётган иқтисодий ҳамкорлик, хусусан, ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Бухоро вилоятининг саноат салоҳияти, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Вилоятда замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий корхоналарни халқаро таъминот занжирига интеграция қилиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида Бухоро шаҳри Франциянинг Руэил-Малмаисон шаҳри билан биродар шаҳарлар мақомига эга бўлиб, икки ҳудуд ўртасида кўп йиллардан буён дўстона алоқалар ривожланиб келаётганлиги, Руэил-Малмаисон шаҳрида буюк аллома Абу Али ибн Сино ҳайкали ўрнатилгани халқларимиз ўртасидаги тарихий, илмий ва маданий ришталарнинг ёрқин ифодаси экани алоҳида қайд этилди.
Маълумот ўрнида, “Оrаnо” — Франциянинг давлат назорати остидаги йирик саноат гуруҳи бўлиб, ядро ёқилғиси циклининг барча асосий босқичларида фаолият юритади. Компания уран конларини қидириш ва қазиб олиш, уранни конверсия ва бойитиш, ишлатилган ядровий ёқилғини қайта ишлаш, муҳандислик ва техник хизматлар кўрсатиш, шунингдек, ядро тиббиёти йўналишларида замонавий технологияларни ривожлантириш билан шуғулланади.
Якунда томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келгусидаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
