Вазир Озодбек Назарбеков Беларус IТ Парки фаолияти билан танишди
2026-07-10 09:30:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида, IT Park масъул вакили томонидан IT Park фаолияти, унинг бошқарув тизими ҳамда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган замонавий ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, IT Park резидентлари учун яратилган махсус ҳуқуқий ва солиқ режими, инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, халқаро сармояларни жалб этиш тажрибаси ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, IT Park резидентлари томонидан 40 дан ортиқ йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.
Улар орасида сунъий интеллект, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, мобил иловалар яратиш, киберхавфсизлик, рақамли таълим, соғлиқни сақлаш, электрон давлат хизматлари ҳамда маданият ва креатив индустрия учун замонавий IТ-ечимлар алоҳида ўрин эгаллайди.
Учрашув давомида ушбу технологияларнинг маданий меросни сақлаш, музей ва кутубхоналар фаолиятини рақамлаштириш, виртуал экспозитсиялар яратиш ҳамда маданий хизматларни аҳолига замонавий шаклда тақдим этишдаги имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Тақдимот чоғида IT Park резидентларининг халқаро миқёсдаги муваффақиятли лойиҳалари, йирик хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган дастурлар ҳамда инновацион маҳсулотларни умумбашарий бозорга олиб чиқиш тажрибаси юзасидан ҳам маълумот берилди.
Айниқса, яратувчилик индустриясини ривожлантириш, маданий мерос объектларини 3D форматда рақамлаштириш, виртуал ва кенгайтирилган реаллик (VR/AR) технологияларидан фойдаланиш, сунъий интеллект асосидаги интерактив платформаларни яратиш борасидаги ишланмалар катта қизиқиш уйғотди.
Вазир Озодбек Назарбеков IT Паркнинг замонавий инфратузилмаси, стартапларни қўллаб-қувватлаш тизими, илмий-тадқиқот ва инновацион марказлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Томонлар Ўзбекистон маданият муассасаларини босқичма-босқич рақамлаштириш, миллий маданий мерос объектларини виртуал шаклда кенг жамоатчиликка тақдим этиш, музей ва архив фондларини замонавий технологиялар асосида рақамли шаклга ўтказиш, шунингдек креатив индустрия ва маданий лойиҳаларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларус ўртасида ахборот технологиялари ҳамда маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Таъкидланганидек, бундай ҳамкорлик замонавий рақамли технологияларни маданият соҳасига кенг жорий этиш, миллий меросни асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.


