“Аёллар дафтари”дан тадбиркорлик сари: яккабоғлик аёлнинг муваффақият йўли
2026-07-07 09:40:00 / Янгиликлар

Гавҳар Хужаниёзова 2023 йилда “Аёллар дафтари”га киритилиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 15 миллион сўм имтиёзли кредит олган. 2026 йилда эса у яна “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватланиб, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлди ҳамда субсидия асосида 6 ой давомида ҳар ой 4 миллион 120 минг сўм миқдорида молиявий кўмак билан таъминланди.
Бугунги кунда Гавҳар Хужаниёзова ҳунармандчилик йўналишидаги фаолиятини кенгайтириб, 25 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминламоқда. Муҳими, ушбу аёллар уй шароитида меҳнат қилиб, ўз оиласи даромадига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирда тадбиркорнинг ойлик даромади 8–9 миллион сўмни ташкил этмоқда. Унинг шогирдлари эса ойига ўртача 3–4 миллион сўм даромад топмоқда. Бу эса давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, “Аёллар дафтари” тизими ва манзилли қўллаб-қувватлаш чоралари хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда амалий самара бераётганини кўрсатади.
Ўрганишлар давомида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда даромадли меҳнат билан банд бўлган аёллар сафини кенгайтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.
Гавҳар Хужаниёзованинг фаолияти “Аёллар дафтари” орқали кўрсатилаётган кўмак нафақат бир аёлнинг ҳаётида, балки ўнлаб оилалар фаровонлигида ҳам муҳим ўзгаришлар ясаётганининг ёрқин намунасидир.

