Фаровон оила, хавфсиз маҳалла ва замонавий бошқарув сари
2026-06-22 10:00:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар давомида жорий йилда “Аёллар дафтари” тизими доирасида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш ҳамда мавжуд муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Масканда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар билан ишлаш, ажрим ёқасидаги оилаларга ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар бериш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича йўлга қўйилган хизматлар фаолияти кўздан кечирилди.
Шунингдек, хавфсиз ва қонуний миграция масалалари бўйича олиб борилаётган тушунтириш ишлари, хотин-қизларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳаётий муаммоларини ҳал этишга қаратилган манзилли ёндашувлар ҳам муҳокама қилинди.
Масканда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилган Бош вазир ўринбосари хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш самарадорлигини янада ошириш, муаммоларни эрта аниқлаш ва оилаларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Ташриф давомида Оҳангарон шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган замонавий Ситуацион марказ фаолияти ҳам тақдим этилди. “Ақлли шаҳар” концепцияси асосида фаолият юритаётган мазкур марказ орқали коммунал соҳа, экология, энергетика, ижтимоий объектлар, маҳаллалар фаолияти, иқтисодий кўрсаткичлар, транспорт оқими ҳамда хавфсизлик тизимлари ягона платформа орқали мониторинг қилинмоқда.
Бош вазир ўринбосари марказнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳудудларни самарали бошқаришдаги имкониятларини юқори баҳолаб, рақамлаштириш жараёнларини янада кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.
Оҳангарондаги ўрганишлар янги фойдаланишга топширилган Маданият марказида давом этди. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган масканда ёшлар ва хотин-қизларнинг истеъдодини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда маданий-маърифий фаолиятни кенгайтириш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Маданият марказидаги тўгараклар, ижодий заллар, техник жиҳозлар ва ходимлар учун яратилган имкониятлар билан танишган Бош вазир ўринбосари мазкур маскан аҳолининг, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим марказлардан бирига айланиши лозимлигини таъкидлади.
Таъкидланганидек, ҳудудларда оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар муаммоларини манзилли ҳал этиш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳамда маданий-маърифий муҳитни ривожлантиришга қаратилган бундай ташаббуслар аҳоли фаровонлигини ошириш ва жамият барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

