Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICA билан хотин-қизлар учун янги имкониятлар муҳокама қилинди
2026-06-18 10:00:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
JICA агентлигининг мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, барқарор ўсишни таъминлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш борасидаги кўп йиллик ҳамкорлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Томонлар хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, айниқса, чекка ва қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, микромолиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, янги бизнес бошлаётган хотин-қизлар учун стартап инкубаторлар ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, хотин-қизлар ва қизлар ўртасида рақамли саводхонликни ошириш, уларни IТ, дастурлаш ва муҳандислик каби юқори даромадли йўналишларга жалб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Бу борада JICA тажрибаси асосида махсус ўқув дастурларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни реабилитация қилиш ва уларни касб-ҳунарга ўргатиш йўналишида Япония тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда JICA ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мутахассислар малакасини ошириш, қўшма дастурлар ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар билдирилган таклифларни келгусида аниқ ташаббуслар ва қўшма “йўл харитаси” асосида давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

