Тошкент халқаро инвестиция форумида аёллар тадбиркорлиги ва гендер-инклюзив иқтисодий ўсиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-17 09:15:00 / Янгиликлар

Мазкур сессия глобал иқтисодиётда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий ресурслар, инвестиция ва бозор имкониятларига киришини кенгайтириш ҳамда гендер-инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш масалаларига бағишланди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова кириш сўзи билан очиб берди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, касб-ҳунар ва замонавий билимларга ўқитиш, молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармон аёллар сафини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли молиявий механизмлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ҳамда ҳудудларда аёллар тадбиркорлиги учун қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зулайҳо Махкамова ўз нутқида аёллар тадбиркорлиги фақат оила даромадини ошириш ёки бандликни таъминлаш воситаси эмас, балки иқтисодиётда янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини кучайтириш, ҳудудларда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инклюзив тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан бири эканини қайд этди.
Шу нуқтаи назардан, аёлларнинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни кичик бизнесдан ўрта ва йирик тадбиркорлик босқичига олиб чиқиш, экспорт салоҳиятига эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Панель сессиясига “БМТ-Аёллар” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича алоқалар раҳбари доктор Серен Гювен Гюреш модераторлик қилди. Мулоқот давомида халқаро молия институтлари, нуфузли ташкилотлар, хусусий сектор ва давлат идоралари вакиллари иштирокида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Сессияда Халқаро молия корпорациясининг саноат бўйича минтақавий директори Момина Айджазуддин, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги директори Канокпан Лао-Арая, Венгриянинг собиқ президенти Каталин Новак, ACWA Power компаниясининг Ўзбекистон бўйича бош менежери доктор Жон Заиди, KFW Ipex-Bank GmbHнинг Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича бўлим раҳбари Екатерина Галисина, БМТТДнинг Ўзбекистондаги резидент вакили ўринбосари Анас Файяд Карман, “Ҳамроҳ” аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси бош директори Дилфуза Нурматова ҳамда Божхона қўмитаси Раисининг маслаҳатчиси Умида Пирмуҳамедова ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Муҳокамаларда гендер ёндашувига асосланган инвестицияларнинг иқтисодий самараси, ривожланаётган бозорларда аёллар тадбиркорлиги учун мавжуд имконият ва тўсиқлар, молиялаштириш манбаларига кириш, бизнесни кенгайтириш, экспорт жараёнларида хотин-қизлар иштирокини ошириш ҳамда инклюзив ўсишнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига таъсири каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро экспертлар таъкидлаганидек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш иқтисодий ўсишнинг муҳим захираларидан биридир. Хотин-қизлар ташаббусларига йўналтирилган инвестициялар нафақат янги бизнес лойиҳаларни шакллантиради, балки меҳнат бозорида барқарор бандликни таъминлайди, оила фаровонлигини оширади, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий фаолликни кучайтиради.
Шу билан бирга, иштирокчилар аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда ҳали ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини ҳам қайд этдилар.
Хусусан, молиявий саводхонликни ошириш, гаров таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларни енгиллаштириш, бизнесни бошлаш ва кенгайтириш бўйича маслаҳат хизматларини кучайтириш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш, халқаро бозорларга чиқиш учун амалий кўмак механизмларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Панель сессиясида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик аёллар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Айниқса, маҳаллий тадбиркор аёлларнинг инвестиция лойиҳалари билан халқаро молия институтлари ва йирик компаниялар ўртасида бевосита мулоқот майдонларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва шериклик алоқаларини йўлга қўйиш бугунги кун талабига айланмоқда.
Тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг масъул ходимлари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 150 нафардан ортиқ тадбиркор аёллар, халқаро экспертлар, молия институтлари ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди. Бу эса сессиянинг нафақат назарий муҳокама, балки аёллар тадбиркорлиги учун янги ҳамкорликлар, амалий ташаббуслар ва истиқболли лойиҳаларга йўл очувчи мулоқот майдони сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлганини кўрсатди.
Муҳокамалар якунида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, гендер-инклюзив инвестицияларни кенгайтириш, хотин-қизларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда давлат органлари, хусусий сектор ва халқаро молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Маълумот учун, Тошкент халқаро инвестиция форуми 2022 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция майдонларидан бири ҳисобланади. 2026 йил 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бешинчи, юбилей форум “Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик” шиори остида ташкил этилмоқда. Форумда дунёнинг 100 та мамлакатидан минглаб хорижий делегатлар, йирик компаниялар, халқаро молия институтлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этмоқда. Анжуман доирасида панель мунозаралари, инвестицион питч-сессиялар, икки томонлама бизнес-форумлар, давра суҳбатлари ва амалий учрашувлар ўтказилиши белгиланган.

