Ўзбекистон делегацияси Воронеж вилояти ва Нововоронеж АЭСида бўлди
2026-06-15 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясига ташрифи доирасида Воронеж вилоятида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Учрашув чоғида вилоят губернатори А.Гусев ҳамда вилоят раҳбарияти, шунингдек, Россия атом саноати вакиллари билан музокаралар олиб борди. Томонлар ҳокимият органлари ва атом саноати корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни комплекс ривожлантириш тажрибасини муҳокама қилдилар.
Нововоронеж АЭСга ташриф
Шу кунинг ўзида делегация Нововоронеж АЕС майдонида ўз ишини давом эттирди ва у ерда "Росэнергоатом" концерни АЖ бош директори А.Шутиков ва стансия директори В.Поваров билан музокара ўтказди. Делегация Иштирокчилари "3+" авлод замонавий энергоблокларини эксплуатация қилиш, илғор хавфсизлик тизимлари ва асосий ишлаб чиқариш жараёнлари билан батафсил танишди.
Йўлдош шаҳар – уйғун ривожланиш намунаси
Делегация атом энергетикаси инсонларнинг юқори турмуш даражаси билан қанчалик уйғунлашиши мумкинлигига ёрқин мисол бўлган Нововоронеж АЭСининг йўлдош шаҳри — шинам ва замонавий масканга алоҳида эътибор қаратди. Шаҳарга 1957-йилда стансиянинг биринчи энергоблоки билан бир вақтда асос солинган. АЭСдан атиги 4,5 км масофада жойлашган ушбу шаҳар 4,6 минг гектар майдонни эгаллайди ва бу ерда 30 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. Бу ерда тўлақонли ижтимоий инфратузилма: замонавий мактаблар, политехника институти, маданият марказлари, спорт иншоотлари ва ободонлаштирилган жамоат жойлари яратилган. Бундай ёндашув атом соҳаси мутахассислари ва уларнинг оилалари учун қулай шароитларни таъминлайди ҳамда ядро энергетикасининг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.
“Росатом”да ишчи учрашуви
Воронеж вилоятига сафар якунида делегация раҳбарияти Москвада “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари – “Атомстроэкспорт” АЖ президенти А. Петров билан ишчи учрашувини ўтказди. Томонлар Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг ҳозирги ҳолати ва уни амалга ошириш режаларини муҳокама қилиб, бевосита қурилиш майдончасида ҳар ой тезкор штаб йиғилишларини ўтказишга келишиб олди.

