Фарғона вилояти ва Селангор штати ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2026-06-03 09:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев иштирок этди.
Унда икки томонлама манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, муштарак тараққиёт йўли ва умумий қадриятлар асосида янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, Селангор штатидаги илғор тажриба ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашувда биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш, ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
IT, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион ишлаб чиқариш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергетика, логистика, зиёрат туризми каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирдилар.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ва Селангор штати ўртасидаги дўстона ҳамда иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш, "йўл харитаси" ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: Селангор — Малайзия ярим оролининг ғарбий қисмида жойлашган мамлакатнинг энг ривожланган ва саноатлашган штати ҳисобланади. У мамлакат ялпи ички маҳсулотининг салмоқли (3/1) қисмини таъминлаб, асосий иқтисодий марказлардан бири сифатида эътироф этилади. Штатда электроника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ҳамда яримўтказгичлар ишлаб чиқариш йўналишлари юқори даражада ривожланган.

