Учинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми
2026-05-22 16:10:00 / Янгиликлар

Мазкур форум ХХРнинг Шенси провинцияси халқ ҳукумати, Хорижий мамлакатлар билан дўстлик бўйича Бутунхитой халқ ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.
“Юқори сифатли ривожланиш орқали умумий модернизация” мавзуси остида ўтган форумда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ҳудудий ҳокимликлар, илмий доиралар, бизнес уюшмалари, етакчи компаниялар вакиллари ҳамда тадбиркорлардан иборат 2 000 нафарга яқин иштирокчилар қатнашмоқда. Шунингдек, тадбирда Хитойнинг 20 га яқин провинциялари ҳукумати раҳбарияти иштирок этмоқда.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодий ва бизнес муносабатларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илмий-техникавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлди.
Форумнинг очилиш маросими 2026 йил 21 май куни Хитойнинг Ўнинчи халқаро Ипак йўли кўргазмаси очилиш маросими билан уйғунлаштирилган ҳолда ташкил этилди. Тантанали маросимда 700 нафардан ортиқ икки давлат ҳукумат ва ҳудудий раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ишбилармон доиралар иштирок этди.
Очилиш маросимида қатор юқори даражадаги расмийлар нутқ сўзлади. Жумладан, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, Шенси провинцияси Халқ вакиллари мажлиси Доимий қўмитаси раиси, провинция партия қўмитаси котиби Чжао Иде, Хорижий мамлакатлар билан дўстлик бўйича Хитой халқ жамияти раиси Ян Ванмин, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, “Хитой – Марказий Осиё” механизми Бош котиби Сун Вейдун, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Сзянсу провинцияси Халқ вакиллари мажлиси Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Фан Сзинлун, Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Юннан провинцияси губернатори ўринбосари Чжао Сзюнмин форум иштирокчиларига мурожаат қилди.
Нутқларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг изчил ривожланаётгани, ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантиришдаги аҳамияти, инвестициявий ва саноат кооперацияси учун яратилаётган имкониятлар ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни яна-да кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун: охирги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан салкам 18 миллиард долларни ташкил этди, шу билан бирга, Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 5 баробарга кўпайиб, 2025 йилда 17 миллиард долларга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида 5 400 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритаётган бўлиб, хитойлик шериклар билан энергетика, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ҳамда инфратузилма соҳаларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Форум доирасида Циан халқаро кўргазмалар марказида 21-25 май кунлари умумий майдони 2 000 кв.м бўлган “Ўзбекистон миллий павилиони” ташкил этилди. Павилионда миллий маҳсулотлар, ҳудудларнинг экспорт ва инвестиция салоҳияти, туризм, маданият ва ҳунармандчилик имкониятлари ҳамда таълим соҳасидаги истиқболли йўналишлар намойиш этилмоқда. Миллий павилён хорижий инвесторлар ва бизнес вакилларининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Кўргазмага 10 мингдан ортиқ қатнашчиларни ташриф буюриши кўзда тутилган.
Форумнинг иккинчи ярмида бир қатор соҳавий панель сессиялар, жумладан, иқтисодий, савдо ва инвестициявий ҳамкорлик, илмий-техник инновациялар ва “яшил” тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик, замонавий қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик форумлари ташкил этилди.
Ушбу сессияларда яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар, савдони енгиллаштириш, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, қатор инвестиция ва кооперация лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.
Форум якунлари Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни яна-да мустаҳкамлаш, иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.


