Сирдарё вилоятида оилалар билан ишлашнинг янги ёндашувлари муҳокама қилинди
2026-05-04 09:30:00 / Янгиликлар

Ширин шаҳрида хотин қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ажрим ва низоли оилалар билан ишлаш бўйича янгича ёндашувлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова ҳамда вилоят прокурорининг ўринбосари Насиба Бегимова иштирок этди.
Йиғилиш давомида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш омиллари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича тизимли чораларни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, ажрим ёқасига келиб қолган ҳамда низоли оилалар билан ишлашда янгича ёндашувлар, хусусан, индивидуал профилактика, медиация, психологик ва ижтимоий кўмак механизмларини кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда мутасадди ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, жойларда аниқланган муаммоларни манзилли ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

