Аёллар таълими ва касбий ривожланиш соҳасида муҳим халқаро ҳамкорлик
2026-04-23 14:15:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳужжат Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова ҳамда Хитой Халқ Республикаси Silk Road Publishing раиси, тадқиқотчи олима Занг Ҳонгянг (Ширин Занг) иштирокида имзоланди.
Меморандум аёлларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади.
Ҳужжат доирасида “Ўзбекистон–Хитой қизлар устахонаси”ни ташкил этиш, замонавий ва талаб юқори бўлган соҳалар бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, шунингдек, ўқув-методик қўлланмалар яратиш режалаштирилган. Лойиҳалар туризм, рақамли маркетинг, дизайн ва технология каби йўналишларни қамраб олади.
Шу билан бирга, икки давлат мутахассислари ва тингловчилари ўртасида академик ва касбий алмашинувни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар ушбу меморандум аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ва шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.


