Ўзбекистон Жаҳон банки глобал ташаббусига қўшилмоқда
2026-04-17 09:40:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 15 апрель куни Вашингтонда ўтаётган Жаҳон банки гуруҳининг (ЖБГ) Баҳорги йиғилишлари доирасида JBG ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан ҳамкорликда 2030 йилгача 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Wатер Forward” ташаббуси – глобал платформани ишга туширилди.
Тадбирда ЖБГ президенти Ажай Банга ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, ҳамкор халқаро молия институтлари (ХМИ) раҳбарлари ва турли давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этишди.
“Wатер Forward” ташаббуси аҳоли учун тегишли хизматларнинг ишончлилигини ошириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва сув тизимларининг қурғоқчилик ва сув тошқинларига чидамлилигини мустаҳкамлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва сув инфратузилмасини модернизация қилишга кўмаклашади.
Ташаббусда иштирок этаётган ривожланаётган мамлакатлар сув тизимлари ва институтларини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ХМИ, ҳукуматлар, хайрия ташкилотлари ва хусусий сектордан зарур молиявий ва таҳлилий ресурсларни жалб қилиш имкониятига эга бўладилар. Бундай лойиҳалар аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишга хизмат қилади.
JBG ўз операциялари доирасида 2030 йилгача бутун дунё бўйлаб 400 миллион киши учун сув хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бунга сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ирригация тизимлари ва хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, қурғоқчилик ва сув тошқинларидан ҳимоя қилиш чоралари, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларда сув манбаларини тиклаш киради.
Ҳамкорларнинг қўшимча мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, “Wатер Forward” ташаббуси 1 миллиарддан ортиқ одамни қамраб олишни мақсад қилган. Ҳамкор ХМИлар қаторига Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Европа инвестиция банки (ЕИБ) ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) киради. Бу ташкилотлар ҳам Ўзбекистонда фаол иш олиб бормоқда.
“Wатер Forward” ташаббуси асосини иштирокчи-мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлигида ишлаб чиқиладиган миллий сув пактлари ташкил этади. Уларда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланади ва халқаро ҳамкорлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда уларни амалга ошириш учун молиявий ресурслар жалб этилади.
“Wатер Forward” ташаббусини ишга тушириш тадбирида 14 мамлакатдан иборат биринчи гуруҳ ишлаб чиқилган миллий сув пактлари асосида ташаббусга қўшилганини эълон қилди. Ўзбекистон, Албания, Ангола, Боливия, Ветнам, Конго Демократик Республикаси, Иордания, Камбоджа, Камерун, Кения, Кот-дъИвуар, Сенегал, Серра-Леоне ва Ямайка мамлакатлари шулар жумласидандир.
Жамшид Қўчқоров ўз нутқида ҳукумат Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистон учун сув пактини ишлаб чиққанини таъкидлади.
"Пакт Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган Тараққиёт стратегияси мақсадларига тўлиқ мос келади. Хусусан, ҳужжатда суғориладиган ерларнинг 100 фоизида (4,1 миллион гектар) сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғоришдаги сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш, аҳолининг тоза ичимлик суви ва санитария хизматларидан умумий фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш кўзда тутилган,” – деди Жамшид Қўчқоров.

