Хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлашда манзилли ёндашув ва сайёр қабуллар самарадорлиги таҳлил қилинди
2026-04-17 09:15:00 / Янгиликлар

Асосий эътибор хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш сифати ва натижадорлигини ошириш, аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини янада кучайтириш, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар самарадорлигини таҳлил қилишга қаратилди, шунингдек, мурожаатларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш кун тартибидан 2026 йилнинг 1-чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар, 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган ПФ-51-сон фармон ижроси ҳамда маҳаллаларда 2–15 апрель кунлари ўтказилган сайёр қабуллар натижалари ўрин олди.
Таъкидланганидек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–51-сон Фармони соҳада мутлақо янги ёндашувларни жорий этди. Хусусан, мурожаатларни назорат вақти режимида кузатиш, уларни “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратиш, шахсий ва сайёр қабулларни тўлиқ рақамлаштириш, давлат органлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш юзасидан ҳисоботдорлигини кучайтириш каби тартиблар амалиётга жорий этилгани бу борадаги масъулиятни янада оширди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Қўмита тизимида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги 2026 йил учун муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида белгиланган. Жумладан, Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларнинг қаноатлантирилиш даражаси, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ижобий ҳал этилиши, Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича юқори инстанцияларга йўлланаётган мурожаатлар сонини қисқартириш ҳамда ҳудудларда ҳар чоракда камида икки маротаба сайёр қабуллар ўтказиш каби вазифалар устувор мезон сифатида белгилаб олинган. Шу боис ҳам жойлардаги ҳар бир қабул, ҳар бир мурожаат ва ҳар бир ечим бевосита натижадорлик кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг 1-чораги давомида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимига жами 16 минг 865 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам, оилавий низолар, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқий ҳимоя, таълим, меҳнат муносабатлари ҳамда бошқа ижтимоий масалаларга тўғри келади. Мурожаатларнинг 78,4 фоизи қаноатлантирилган, қолган мурожаатлар бўйича эса қонунчилик асосида тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқмаслик, фуқарога етарли тушунтириш бермаслик, масалани чуқур ўрганмаслик ҳолатлари ҳам сақланиб қолаётгани танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, муддати бузилган мурожаатлар, кечиктириб жавоб берилган ҳолатлар ва такрорий мурожаатлар сони айрим ҳудудларда юқори экани масъуллар диққатига етказилди.
Йиғилишда алоҳида таъкидланган муҳим жиҳатлардан бири — маҳаллаларда сайёр қабуллар амалиётини кучайтириш орқали хотин-қизлар муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал этишга эришиш зарурати бўлди. Шу мақсадда жорий йилнинг 2 апрелидан бошлаб туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари томонидан маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказиш тизими йўлга қўйилди. 2–15 апрель кунлари ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 3 минг 110 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг ҳал этилишини республика даражасида мониторинг қилиб бориш мақсадида Қўмитанинг “ayol.gov.uz” платформасининг “Маҳаллада қабул” модулига киритиб борилмоқда. Мурожаатларда асосан моддий ёрдам, оилавий масалалар, уй-жой, ҳуқуқий ҳимоя, қабул сўрови ва бошқа ижтимоий муаммолар кўтарилган.
13 кунлик амалий натижаларга кўра, сайёр қабуллар орқали бугунги кунга қадар 55 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган, 32 нафар фуқарога тиббий ёрдам ва даволанишида кўмак берилган, 72 нафари касб-ҳунарга йўналтирилган, 25 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратишда ёрдам кўрсатилган, 35 нафари моддий қўллаб-қувватланган. Шунингдек, 22 нафар фуқарога болалар нафақасини тайинлаш, 9 нафарга алимент ундируви, 31 нафарга “Аёллар дафтари”га киритиш масалаларида амалий ёрдам берилган, 441 нафарга ҳуқуқий тушунтиришлар тақдим этилган. Бу эса сайёр қабуллар мурожаатларни тинглаш билан чекланмай, уларга аниқ ва манзилли ечим топишга хизмат қилаётганини кўрсатади.
Ҳудудий таҳлиллар сайёр қабулларни ташкил этиш даражасида ҳам маълум тафовутлар борлигини кўрсатди. Хусусан, 2–15 апрель кунлари давомида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Бўзатов, Кониликўл, Қораўзак, Муйноқ, Тахтакўпир, Шуманай, Элликқалъа туманлари, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бўстон ва Улуғнор туманлари, Бухоро вилоятининг Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда бир қатор туманлари, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Бахмал ва Янгиобод туманлари, Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Қарши, Китоб, Косон, Муборак, Нишон, Чироқчи ва Яккабоғ туманлари, Навоий вилоятининг Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда қатор туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Давлатобод, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туманлари, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Нарпай туманлари, Сурхондарё вилоятининг Узун тумани, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва қатор туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг барча туманларида сайёр қабуллар юқори даражада ташкил этилгани ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, қатор ҳудудларда қабуллар жараёнида йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинди.
Йиғилишда, шунингдек, сайёр қабулларни ташкил этиш сифат жиҳатидан ҳам баҳоланди. Фарғона вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қабуллар нисбатан юқори даражада ташкил этилгани, айрим туман ва шаҳарларда эса Қўмита томонидан берилган тавсиялар асосида манзилли ва самарали иш олиб борилгани эътироф этилди.
Таъкидланганидек, бугун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, айниқса, хотин-қизларнинг дарди, муаммоси ва таклифларига қулоқ тутиш, уларни жойида ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила тақдири, фарзандлар келажаги турганини чуқур англаган ҳолда иш юритиш ҳар бир раҳбар ва масъул ходимнинг асосий бурчи экани қайд этилди. Шу маънода, мазкур йиғилиш жойлардаги масъул раҳбарлар фаолиятини танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни очиқ айтиш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаш ва энг муҳими, мурожаатлар билан ишлашда натижадорлик, масъулият ва манзилли ёндашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Йиғилиш якунида шахсий ва сайёр қабулларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳар кунлик маълумотларни Қўмита марказий аппаратида ташкил этилган ишчи гуруҳга белгиланган тартибда тақдим этиб бориш, мурожаатларни қонунчилик талабларига мувофиқ ҳар томонлама ўрганиш, жавоб хатларини ўз вақтида тайёрлаш ва ахборот тизимларига киритиш, ҳужжатларни асоссиз расмийлаштириш ҳолатларига йўл қўймаслик, сайёр қабулларда тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокини таъминлаш, қабулларни намунавий тартиб асосида ташкил қилиш ҳамда бирорта ҳам мурожаатнинг муддатидан кеч ўрганилишига йўл қўймаслик бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Энг муҳими, бундай очиқ, таҳлилий ва амалий мулоқотлар халқ билан яқин ишлаш, мурожаатларга бефарқ бўлмаслик, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш тамойилини янада мустаҳкамлашга, хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммоларни манзилли ҳал этишга ҳамда жойларда ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлашга хизмат қилади.

