Хотин-қизлар масалаларига бағишланган халқаро конференция
2026-04-15 09:20:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, мазмунан бойиб бормоқда. Шу маънода, мазкур халқаро мулоқот майдони хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.
Зулайҳо Махкамова ўз нутқида Янги Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, гендер тенгликка эришиш стратегияси ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастурлар бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султанова ҳам иштирок этаётган мазкур анжуманда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни рақамли технологиялар, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги ва замонавий касбларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

