Экологик хавфсизлик йўлида халқаро ҳамкорлик: Ўзбекистон ва BRS котибияти учрашуви
2026-03-04 09:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда BRS – Базел, Роттердам ва Стокголм конвенциялари доирасидаги ҳамкорлик, кимёвий хавфсизлик, хавфли чиқиндиларни бошқариш, барқарор ривожланиш ва илмий тадқиқотлар йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Вазир Қўнғиротбой Шарипов сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда чиқиндиларни барқарор бошқариш соҳасида амалга оширилаётган институтсионал ва ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, халқаро экологик конвенциялар бўйича миллий мажбуриятларни бажариш юзасидан қонунчилик такомиллаштирилаётгани, давлат идоралари ўртасидаги мувофиқлаштириш механизмлари кучайтирилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, олий таълим ва илм-фан тизимида экологик йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва университетларни тадқиқотга йўналтирилган муассасаларга айлантириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди. Экология, кимё технологиялари, атроф-муҳит муҳандислиги, саноат хавфсизлиги каби соҳаларда таълим дастурлари модернизация қилинмоқда.
Ролф Пает ўз навбатида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдириб, BRS котибияти томонидан техник кўмак, билим алмашинуви ва илмий-амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари мавжудлигини таъкидлади.
Учрашув якунида конвенциялар доирасида илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, университетлар ва халқаро тузилмалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамда экологик барқарор ривожланиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

