Тадбиркор хотин-қизлар билан очиқ мулоқот: ғоядан барқарор даромадгача
2026-02-18 09:15:00 / Янгиликлар

Учрашув маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини янада кучайтириш, оила бағрида даромад топиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, кичик бизнес ва касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш масалаларига бағишланди.
Мулоқот давомида хотин-қизлар томонидан турли йўналишларда амалга оширилаётган ташаббуслар — хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик, чорвачилик, иссиқхона хўжалиги каби соҳаларда йўлга қўйилган ишлар муҳокама қилинди. Тадбиркор аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашар экан, маҳсулотни бозорга олиб чиқиш, доимий харидорлар базасини шакллантириш, бренд яратиш, кооперацияни йўлга қўйиш ҳамда онлайн савдо имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича амалий таклифлар билдирдилар.
Шунингдек, учрашувда тадбиркор хотин-қизлар фаолиятини кенгайтиришда учраётган айрим тўсиқлар — молиялаштириш масалалари, ҳужжатлаштириш жараёнлари, ер ҳамда бино-иншоотлардан фойдаланиш, логистика, хомашё таъминоти, маркетинг ва савдо тармоқларига кириш билан боғлиқ саволлар кўтарилди. Мазкур масалаларни бартараф этишда маҳалла даражасида “бир дарча” тамойилини кучайтириш, масъул идоралар кўмагини тизимли йўлга қўйиш, хотин-қизларни касбга ўқитиш ҳамда бизнес кўникмаларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Бош вазир ўринбосари мулоқотда хотин-қизларнинг ғоя ва меҳнати фақат “ҳавас” даражасида қолиб кетмаслиги, аксинча, барқарор даромад манбаига айланиши учун зарур шароит ва қўллаб-қувватлаш механизмлари изчил кенгайтириб борилишини қайд этди. Учрашув якунида фаол ва ташаббускор хотин-қизларни рағбатлантириш, уларнинг лойиҳаларини манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда даромадли йўналишларни кўпайтириш ҳамда оилавий ва жамоавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.


