Илмий ҳамкорлик ва гендер тенглик сари
2026-02-11 14:45:00 / Янгиликлар

Анжуманни Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов очиб берди.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги директори Канокпан Лао-Арая, TWAS вице-президенти Сабаҳ Алмомин Марказий Осиёда аёл олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш борасида тўхталиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва юртимиздан 200 нафарга яқин олима аёллар иштирок этди.
Форум доирасидаги панель сессияларда илм-фан ва инновациялар соҳасидаги гендер тенглик, минтақавий ва глобал ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, экология, тиббиёт, муҳандислик, рақамли технологиялар ва биотехнология каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинмоқда.
Форум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда TWAS — Жаҳон фанлар академияси ҳамкорлигида ўтказилди.

