Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда
2026-02-10 09:30:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида “Гендер стратегияси – 2030” доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, зўравонликнинг олдини олиш, таълим, бандлик ва тадбиркорлик соҳаларида тенг имкониятларни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер сиёсати янги босқичга кўтарилиб, давлат сиёсатининг барча соҳаларида гендер ёндашувини жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган комплекс ҳужжат сифатида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, хотин-қизларнинг таълимга тўлиқ қамровини таъминлаш, уларни замонавий касблар ва стратегик соҳаларга кенг жалб этиш, иқтисодий фаолликни ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, профилактика ва реабилитация механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда фуқаролик жамияти институтлари, айниқса нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Гендер стратегияси – 2030”ни амалга оширишдаги муҳим ўрни қайд этилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билдирдилар.
Учрашув якунида мазкур мулоқот гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамияти билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

