Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
2026-02-09 09:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Федерация раиси, Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлик қилди.
Йиғилишда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган муҳим ижтимоий тизим — “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига тайёргарлик ва уни самарали амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2021–2025 йиллар давомида “Аёллар дафтари” тизимининг 6 босқичи доирасида республика бўйича 4 млн 538 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди. Биргина 2025 йилда 1 млн 22 минг нафарга яқин аёл ижтимоий қўллаб-қувватланди.
Янги босқичда “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар 5 та тоифа асосида шакллантирилади. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар, тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизлар, уй-жой шароитини яхшилашга, тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёллар қамраб олинади.
Асосий мақсад — эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши ва барқарор ҳаёт кечиришига кўмаклашишдан иборат.
2026 йилда ҳам “Аёллар дафтари” орқали 1 миллион нафар эҳтиёжманд хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.
Йиғилиш якунида ушбу тизим доирасида белгиланган вазифаларни сифатли ва самарали амалга оширишда барча мутасадди ташкилотларнинг ҳамжиҳатликда ишлаши зарурлиги таъкидланди.
