Қоҳирада аёллар таълими ва маънавий-маърифий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-02-04 09:15:00 / Янгиликлар

Маълумот учун, доктор Наҳла ас-Саъидий Ал-Азҳар мажмуасидаги энг нуфузли аёл раҳбарлардан бири бўлиб, Ал-Азҳар Шайхининг маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган тарихдаги биринчи аёл ҳисобланади. У Мисрда таълим олаётган хорижлик, жумладан, ўзбекистонлик талабалар таълим жараёни, ҳуқуқий мақоми ва шароитларини яхшилаш масалаларида муҳим қарорлар қабул қилишда бевосита иштирок этиб келмоқда.
Учрашув давомида Зулайҳо Махкамова Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдел Фаттаҳ ал-Сиси ўртасидаги самимий дўстлик ва кучли сиёсий ирода туфайли сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Қайд этилишича, сўнгги тўққиз йил давомида Ўзбекистон ва Миср нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маънавий-маърифий соҳаларда ҳам салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши ва жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича жорий этилган миллий тажриба ҳозирда халқаро миқёсда ўрганилаётгани ва ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлик билдирилди.
Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ва Миср ўртасида халқаро мукофотни ҳамкорликда таъсис этиш ва ушбу мукофот билан ҳар йили муносиб қизларни тақдирлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Мазкур ташаббуслар Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан қўллаб-қувватланиб, келгусида ушбу йўналишларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлик билдирилди.


