Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-02-03 13:50:00 / Янгиликлар

Тадбир доирасида савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ж. Абдузухуров, Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси раиси ўринбосари А. Акбаров ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раиси ўринбосари У. Юнусов иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар 2025 йил 18 декабрь куни имзоланган муҳим ҳужжатни алоҳида қайд этдилар. Мазкур Баённома Ўзбекистондан Покистонга истеъмол учун мўлжалланган анор, узум ва олхўрини экспорт қилиш бўйича фитосанитария талабларини белгилаб беради. Ушбу келишув икки давлат ўртасидаги мева-сабзавот савдосини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистондан Покистонга янги олма, анжир, лимон ҳамда аччиқ қалампир экспортини йўлга қўйиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисидаги навбатдаги Баённомани имзолашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Муҳокамалар якунида фитосанитария соҳасидаги ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ушбу гуруҳ мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бозорга ўзаро киришни кенгайтириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда техник масалаларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, чорвачилик йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда томонлар Техник ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар ва Покистон томонидан таклиф этилган гуруҳ таркибини маълумот учун қабул қилдилар.