Қоҳирада ўтган халқаро анжуманда аёллар ҳуқуқларини илгари суришда диний-маърифий ёндашувнинг Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
2026-02-03 10:05:00 / Янгиликлар

Қоҳира шаҳрида Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда диний-маърифий ҳамда медиа дискурсни самарали қўллаш масаласига бағишланган нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро анжуман Миср Араб Республикаси Президенти Абдул Фаттаҳ ас-Сиси ҳомийлигида, мамлакат Бош вазири, Ал-Азҳар шайхи, вазирлар, аёллар масалалари бўйича масъул идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 57 мамлакатдан келган делегациялар иштирокида ўтказилди.
Конференция дастури 6 та панель сессия ҳамда савол-жавоб ва очиқ муҳокамалардан иборат бўлиб, унда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, диний-маърифий ёндашув асосида ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова томонидан қилинган “Диний-маърифат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар” мавзусидаги маърузада мамлакатимизда аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий ёндашув асосида соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар халқаро жамоатчиликка тақдим этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати диний-маърифат, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда олиб борилмоқда. Ушбу ёндашув аёлларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Конференция якунида иштирокчилар ушбу халқаро мулоқот аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда диний-маърифий ҳамда медиа ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича янги ёндашув ва амалий механизмларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.
Мазкур анжуман натижалари Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар миқёсида аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

