Тадбиркор аёллар қўллаб-қувватланмоқда
2024-05-27 15:30:00 / Янгиликлар

Тадбир давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди.
Учрашувда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Саъдуллаев ҳамда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. Айниқса, юртимизнинг чекка туман, энг олис маҳаллаларида ҳам ўз бизнесини йўлга қўйишни режалаштирган аёлларнинг борлиги эътироф этилди. Энг муҳими, хотин-қизларнинг касб-ҳунарли, тадбиркор бўлишига кўмаклашиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида эканлиги таъкидланди.
Маҳаллаларда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида барча ҳудудларда доимий ишлайдиган штаблар ташкил этилган.
Жиззах шаҳри ва 12 та туманда ташкил этилган ишчи гуруҳларига вилоят тижорат банклари раҳбарлари масъул этиб белгиланган ва вилоятдаги 309 та қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бири тижорат банклари вакилларига бириктирилган.
– 2024 йил давомида вилоят бўйича жами 56 минг 545 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 22 минг 410 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова. – Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 5 минг 400 нафарга яқин аёлга 50 миллиард 300 миллион cўм кредит маблағлари ажратилди.
Мазкур тадбир давомида иштирокчиларга, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, хусусан, 2024 йил 1 февралдан жорий этилган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Янгиобод туманида жойлашган “Зомин Асл ипак тола” МЧЖ кластеридаги тут плантациялари ва пилла етиштириш жараёнлари, бу ерда жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси ҳамда аҳоли даромадларини ошириш бўйича хонадонларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мазкур ҳудуд 1350 гектарни ташкил этиб, бугунги кунда кластерда 120 қути ипак қурти парвариш қилинмоқда. Ишчилар учун барча шароит яратилган. Ошхона, ётоқхона, кейиниш, ювиниш хоналари меҳнаткашлар хизматида. Ҳозирги кунда мазкур кластерда 20 нафардан ортиқ хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олди.


