Хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва хавфсиз миграция масалалари муҳокама қилинди
2026-01-28 09:50:00 / Янгиликлар

Танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда кун тартибидан ўрин олган масалаларнинг ҳар бири юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, зарур вазифалар белгилаб олинди. Хусусан:
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳамда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1-сон ва ПҚ-2-сон қарорларида белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш;
Оила ва хотин-қизлар йўналишида 2025 йилда олиб борилган ишлар таҳлили ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар батафсил муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари томонидан хотин-қизлар ўртасида хавфсиз миграция масалалари, аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда уларни муайян ҳунарга ўргатилганидан кейингина қонуний меҳнат миграциясига юбориш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди. Айниқса, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтариш ва муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, масъулларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш: хорижга ишга кетаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, меҳнат шартномаси, иш жойи ва яшаш шароитлари бўйича ишончли маълумот ва маслаҳат бериш ишларини масъуллар ҳамкорлигида кенгайтириш.
Қонуний йўллар билан чиқишни таъминлаш: “расмий каналлар — кафолатли шартнома — хавфсиз муҳит” тамойили асосида қонуний ишга жойлаштириш механизмлари бўйича маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб бориш.
Касб-ҳунарга тайёрлаш: меҳнат бозори талабларига мос қисқа муддатли ўқув курсларига йўналтириш, сертификатлаштириш ва иш берувчилар билан келишувлар орқали амалиёт базасини яратиш.
Маҳалла кесимида манзилли ишлаш: миграцияга кетиш эҳтимоли юқори бўлган оилалар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш, умуман, аёлларни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик борасида аниқ топшириқлар бериш.
Шунингдек, жойларда Оила ва хотин-қизлар масканларининг фаолиятини кучайтириш, оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилигига оид ҳолатлар билан манзилли ишлаш борасида қатъий вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда ҳар бир ҳудудда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, топшириқларнинг ижроси аниқ муддат ва кўрсаткичлар асосида назоратга олиниши қайд этилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳоким ўринбосарлари – Оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқларининг ахбороти тингланди.

