“Tashkent University of Technology” нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
2026-01-27 11:15:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, шунингдек, халқаро ҳамкорлар — Constructor University Bremen (Германия) ва Boston Consulting Group (АҚШ) вакиллари, саноат ва энергетика тармоқларининг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
“ToshTech” Ўзбекистон олий таълим тизимидаги йирик миллий лойиҳа бўлиб, университет СТЕМ йўналишлари, технологик тадбиркорлик ва билим ҳамда технологиялар трансфери учун институционал платформа сифатида фаолият юритади.
“ToshTech”да таълим:
Университетда дарслар бакалавриат ва магистратура босқичларида муҳандислик ва технологик йўналишлар бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши режалаштирилган.
Дастлабки тўрт йилда энг талабгир йўналишлар бўйича бешта мактаб (факультет)ни ишга тушириш режалаштирилган:
- Electrical Engineering (Электр муҳандислиги);
- Industrial Mechanical & Automotive Engineering (Саноат машинасозлиги ва автомобилсозлик муҳандислиги);
- Materials Sciyence & Engineering (Материалшунослик ва муҳандислик фанлари);
- Advanced Engineering & Emerging Technologiyes (Илғор муҳандислик ва янги технологиялар);
- Engineering & Management (Муҳандислик бошқаруви).
Биринчи йилда умумий муҳандислик бакалавриати ишга туширилади, мактаб (факультет) танлови эса 2-3-курсдан бошланади.
Ўқув жараёнида амалий машғулотлар улуши юқори бўлиб, талабалар дастлабки босқичлардан бошлаб реал саноат лойиҳалари, муҳандислик муаммолари ва ишлаб чиқариш билан уйғун ҳолда ишлайди. Таълим модели лойиҳага асосланган таълим (project-based learning), кейзларга асосланган таълим (case-based learning) ва саноат билан ҳамкорликдаги дуал ёндашув элементларини ўз ичига олади.
Халқаро ҳамкорлик
Университетнинг тайёрлов дастури (Foundation) таълим дастурлари Constructor University Bremen (Германия) академик иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, муҳандислик таълимининг халқаро стандартларига тўлиқ мос келади. Ушбу ҳамкорлик ўқув дастурларининг сифати, баҳолаш ва академик назорат механизмлари, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва академик алмашинувни таъминлайди.
Шунингдек, университет Сингапур, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорликда бакалавриат ва магистратура таълим дастурларини йўлга қўйишни мақсад қилган.
“ToshTech” университетининг ривожланиш концепцияси, институционал модели ва таълим дастурларининг стратегик архитектураси Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг ташкилоти экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган. BCG Университетни бошқарув модели, саноат билан интеграция, компетенция марказлари ва рақамли таълим инфратузилмасини шакллантиришда қўллаб-қувватламоқда.
Саноат билан тизимли интеграция
Очилиш маросими доирасида “ToshTech” ва қатор йирик тармоқ ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумлари имзоланди. Ҳамкорлар қаторига:
- “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ,
- ACWA Power,
- “Иссиқлик электр станциялари” АЖ,
- “Яшил Энергия” МЧЖ,
- “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ,
- “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ,
- “Ўзенергоинжинииринг” АЖ киради.
Мазкур ҳамкорликлар доирасида талабалар учун амалиёт, стажировка, қўшма лойиҳалар ва битирувдан сўнг ишга жойлашиш механизмлари йўлга қўйилади.
Миллий эҳтиёжларга жавоб
Технологик трансформация ва саноатни модернизация қилиш жараёнлари жадаллашаётган бир шароитда, Ўзбекистон иқтисодиётида юқори малакали муҳандис кадрларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда. Ишчи гуруҳ прогнозларига кўра, яқин 10 йил ичида мамлакатнинг асосий тармоқларида 35 минг нафарга яқин муҳандис мутахассисга талаб юзага келади. Университет айнан шу бўшлиқни тўлдириш, энергетика, саноат, машинасозлик ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун замонавий муҳандисларни тайёрлашга қаратилган.
Таълим инфратузилмаси ва биринчи натижалар
Университет фаолиятини 2026 йил сентабр ойида тўлиқ бошлаши учун зарур инфратузилма шакллантирилган. 2025 йил декабрь ойида кампуснинг биринчи босқичи қуриб битказилди.
Университетнинг тайёрлов дастурига (Foundation) дастлабки қабул жараёнида 650 дан ортиқ ариза келиб тушди ва 200 нафар тингловчи саралаб олинди.




