Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бошчилигидаги делегация Германияда
2024-05-24 09:45:00 / Янгиликлар

Унда вақтинча хорижда ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимизни Европанинг энг ривожланган давлатига ишга юбориш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг малакали ишчи кучи билан таъминлаш масалалари бўйича спикери Энрико Руле ҳамда маҳаллий 32 та иш берувчи қатнашди.
Алоҳида қайд этилдики, Германияда ташқи ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда ва ҳозирги кундаги ҳисоб-китобларга кўра юк машинаси ҳайдовчиси, ҳамширалик, мехатроника, саноат, гастрономия, йўл қурилиши каби соҳаларда 130 000 дан зиёд ишчи етишмаяпти.
Мулоқотда германияликларнинг талабидан келиб чиқиб фуқароларимизга немис тилини ўргатиш учун шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунарга ўқитишнинг немис моделини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билдирилди. Қолаверса, Германияда талаб юқори бўлган мехатроника, логистика, электротехника, сантехника, машинасозлик, ишлаб чиқариш, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси каби 20 га яқин соҳа бўйича ўқитувчи ва тренирларни тайёрлаш таклиф этилди.
Ўзбекистоннинг ишчи кучи, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларининг касбий ва тил ўрганишлари учун яратилган шарт-шароитларга бағишланган тақдимот ҳам бўлиб ўтди.
Учрашув давомида янги истиқболли лойиҳалар устида қизғин муҳокамалар ва мавжуд муаммолар ечими борасида музокаралар олиб борилди.


