Хотин-қизлар тадбиркорлиги янада ривожланади
2024-05-22 16:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирокида ўтказилган мулоқотда вилоят Оила ва хотин-қизлар, Бандликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартириш бошқармалари, уларнинг туман, шаҳар бўлимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар, тадбиркор, ҳунарманд ҳамда фаол хотин-қизлар қатнашди.
Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кенг имкониятлар яратиб бераётганлиги таъкидланди.
Тадбирда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш масалалари, ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди.
Миллий ҳунармандчилик, асаларичилик, томорқадан унумли фойдаланиш, хизмат кўрсатиш соҳалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, билим ва малакаларини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Айтиш жоизки, вилоятдаги маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, аёллар бандлигини таъминлаш, шу орқали уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағал оилаларнинг даромадларини ошириш бўйича “Ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш” бизнес дастури ишлаб чиқилиб, ана шу асосда вилоятдаги барча маҳаллаларда амалий ишлар олиб борилмоқда. Дастур доирасида 1 минг 66 нафар фуқарога субсидия, 10 минг 761 нафар фуқарога кредитлар ажратилган. Бундан ташқари, 21 минг 993 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган, 10 минг 172 нафар фуқаро эса ишга жойлаштирилган. Субсидия, кредит берилган ҳамда ишга жойлаштирилганларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
– Марказимиз томонидан биргина ўтган йил давомида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик қилиш ёки касб-ҳунар ўрганиш истагидаги 5 минг нафарга яқин хотин-қиз ўқув курсларимизда ўқитилди, – дейди Андижон вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Муқаддасхон Каримова. – Курсларни муваффақиятли тамомлаган 970 нафар хотин-қиз тақдим этилган субсидиялар асосида тикув машиналари ва бошқа дастгоҳлар олиб, ўзини ўзи банд қилди. Шунингдек, уларнинг 525 нафарига 1 миллиард 500 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. Норасмий фаолият юритаётган 50 нафар ҳунарманд аёлга рўйхатдан ўтиш, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлиши учун амалий ёрдам кўрсатилди. Бу каби ишлар жорий йилда ҳам режа асосида изчил давом эттирилмоқда.
Мулоқотда Бош вазир ўринбосари хотин-қизларнинг таклиф, ташаббус, муаммо ва турли масалалардаги мурожаатларини эшитди. Муаммоларни ҳал этиш, таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъул ва мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шунингдек, вилоятда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар, қўшимча имкониятлар яратиб бериш, тижорат банклари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга вазифалар белгилаб берилди.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова тадбир доирасида ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишди.


