Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги ҳамкорлик механизмлари жорий этилмоқда
2026-01-20 09:10:00 / Янгиликлар

Меморандум Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова ҳамда Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш, томонларнинг ваколатлари доирасида ўзаро конструктив ва манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида имзоланди.
Ҳужжат доирасида 2026–2027 йилларда амалга ошириладиган ҳамкорлик чора-тадбирлари режаси тасдиқланиб, унда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан манзилли ишлаш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш каби муҳим йўналишлар белгилаб олинди.
Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий шерикликни кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ҳамкорлик келгуси йилларда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.


