Оила ва хотин-қизлар қўмитасида миллий болалар контентини яратиш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
2026-01-15 11:40:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-183-сон қарори ижроси юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда суратга олинадиган, ўсмир ёшдаги қизлар дуч келадиган муаммолар ва уларнинг ечимларини ҳаётий ҳамда таъсирчан тарзда акс эттирадиган, қизларнинг мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган ва турли қийинчиликларни қатъият ҳамда матонат билан енгиб ўтиши кенг ёритиладиган “Ўғилой” сериали концепцияси муҳокама қилинди.
Сериал орқали қизларнинг мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг турли қийинчиликларни қатъият ва матонат билан енгиб ўтиш жараёнларини очиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашув давомида “Бибихоним тарбия мактаби” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифлар, унинг мазмун-моҳияти ва болалар, айниқса, ўсмир қизлар тарбиясидаги аҳамияти юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
“Бугунги кунда болалар ва ўсмирлар учун яратилаётган миллий контент тарбия, тафаккур ва ҳаётий қарашларни шакллантирувчи муҳим платформа бўлиши лозим. “Ўғилой” каби киноасарлар орқали қизларимизнинг руҳияти, мустақил фикри ва ҳаётга бўлган масъулиятини очиб бериш билан бирга, “Бибихоним тарбия мактаби” сингари лойиҳалар орқали оилавий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга эришамиз”, — таъкидлади Зулайҳо Махкамова ўз нутқида.
Учрашув якунида болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган миллий контентларни яратишда ҳамкорликни янада кенгайтириш, мазкур йўналишдаги лойиҳаларни тизимли асосда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

