Стратегик вазифалар ва амалий ёндашувлар муҳокама қилинди
2026-01-12 09:50:00 / Янгиликлар

Мазкур иқтисодий ўқув дастурида қўмита марказий аппарати таркибий бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари, туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлим бошлиқлари ҳамда бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари офлайн форматда иштирок этди. Шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари онлайн тарзда жалб этилди. Жами иштирокчилар сони 5761 нафарни ташкил этди.
Ўқув дастурида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишда маҳалла хотин-қизлар фаолларининг аҳоли билан самарали мулоқоти ҳамда барча тизим ходимларининг фаол иштироки муҳимлиги алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожлантириш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда Миллий статистика қўмитаси масъул ходимлари томонидан оила ва хотин-қизлар тизими ходимлари, хусусан, маҳалла хотин-қизлар фаолларининг аҳолини рўйхатга олиш жараёнидаги вазифалари, аҳолига тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маълумотларни тўғри ва тўлиқ шакллантириш масалаларига бағишланган тушунтиришлар берилди.
Ўқув дастури тизим ходимларининг иқтисодий билимларини ошириш, стратегик ҳужжатлар мазмун-моҳиятини жойларда тўғри ва самарали татбиқ этиш, шу орқали хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳалла институти фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
